Ягона портал: янада осон ва янада қулай

 “Лойиҳа ишга туширилган дастлабки кунларданоқ фуқаролар томонидан ижобий қабул қилинди ва аҳоли ўртасида оммалашиб, муваффақиятга эришилди, аммо вақт ўтиши билан фуқароларнинг давлат идоралари билан мулоқот воситасидан ўзига хос шикоятлар китобига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси pm.gov.uz нинг ташкил этилиши барча масалаларга ойдинлик киритди ва аҳоли билан ишлаш механизмини яратди. Шундан сўнг, Портал ўз диққатини асосий вазифаларга – жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан тўғри давлат органларига мурожаат қилишлари, давлат бошқаруви самарадорлигини оширилиши, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириши учун қулай шарт-шароитларнинг яратилишига қаратди” деб таъкидлайди – “Ягона интегратор UZINFOCOM” бош директор вазифасини бажарувчиси Эмиль Гимранов.

 

Порталдаги жорий ўзгариш аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва жорий этиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Бугунги кунда деярли барча давлат ташкилотлари Портал ҳақида етарлича маълумотга эга ва ундан самарали фойдаланиб келмоқдалар. Шу билан бирга аҳоли ўртасида Порталдан фойдаланиш бўйича хабардорлик даражаси ҳам ўсиб бормоқда.

 

Порталнинг янги талқинидаги асосий қулайлик бу - фойдаланувчи учун мослашувчан дизайнга эга бўлган интерфейсдир. Эндиликда Порталдан фойдаланишда компьютер талаб этилмайди, мобил телефон ёки планшет орқали ҳам бир марта рўйхатдан ўтиб, Порталдан ҳеч қандай қийинчиликсиз фойдаланиш мумкин. Портал кенг кўламдаги давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни қидириш, бизнес масалаларини тезда ҳал қилиш ва бошқа кўплаб имкониятларни яратишда фойдаланувчиларга тезкорлик ва аниқликни тақдим этади.

 

Порталнинг янги талқини, аввалги талқинидан фарқли ўлароқ эндиликда фойдаланувчидан барча давлат хизматлари тури билан танишиш учун ягона идентификация тизимидан руйхатдан ўтиши талаб этилмайди. Янгиланган талқинда портал интерфейси таркибига бир қанча функционал ўзгартиришлар киритилган, бу ҳақида тақдимотда батафсил танишиш мумкин:

 

 

 

 

 

Фойдаланувчига керакли давлат хизматларини осон ва қулай равишда топиш имкониятини яратиш мақсадида “Ҳаётий вазиятлар” бўлими ташкил қилинди. 

Бўлим муайян ҳаётий вазиятга тегишли давлат хизматларини таснифлайди. Масалан, “Боланинг туғилиши” блокида ушбу вазият билан боғлиқ барча давлат хизматлари намоён бўлади. Тегишли маълумотномалар бериш, моддий ёрдам олиш ва шу каби хизматлар шулар жумласидандир. “Тўй” блокида эса мос равишда тегишли хизматлар тақдим этилади, масалан, ФҲДЁ органига ариза бериш, тўловларни тўлаш ва бошқалар. Шундай қилиб, кундалик вазиятларда учрайдиган тегишли хизматларни Порталда излашни осонлаштириш мақсадида ушбу вазиятларни максимал равишда қамраб олиш режалаштирилган. Албатта, ҳар бир ҳаётий вазиятга боғлиқ хизматлар ишга туширилиши билан у тегишли хизматлар блокига қўшилади. Порталнинг янгиланган талқини ишга туширилиши муносабати билан ўтказиладиган тақдимотда янада кўпроқ маълумотларга эга бўласиз.

 

“2017 йилда Порталнинг янги талқини ишга туширилди, унда хизматлар фойдаланувчи авторизациядан ўтгандан сўнг амалга оширилар эди. Янги талқинда барча жараёнлар соддалаштирилди ва бутунлай автоматлаштирилди. Энг илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиб келганлигимиз сабабли Порталнинг янги талқини соддалаштирилган, шунингдек, янада қулай интерфейс хизматлардан ортиқча уринишларсиз фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Масалан, биз Порталнинг асосий саҳифасини визуал жиҳатдан соддалаштирдик ва кераксиз маълумотларни олиб ташладик, улар фойдаланувчига ёрдам беришдан кўра, кўпроқ уни чалғитар эди. Ички саҳифалардан фойдаланиш ҳам янада осонлашди. Порталда дизайнида ранглар мутаносиблигига эришилди. Эндиликда фойдаланувчи шахсий кабинетида давлат хизматлари тўпламидан шахсий виджетини яратиш имкониятига эга” – деб, сўзида давом этади Эмиль Гимранов.

 

Шуни таъкидлаш жоизки, Ягона интерактив давлат хизматлари портали “Ягона интегратор UZINFOCOM” томонидан 2013 йил июль ойида ишлаб чиқилган ва жорий этилган бўлиб, лойиҳа “Электрон ҳукумат” тизимининг дастлабки кўриниши сифатида яратилган эди. Порталнинг ишга туширилиши давлат органлари учун аҳоли билан ишлашнинг янги форматини белгилаб берди. Юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматларидан электрон кўринишда фойдаланиш имкониятини тақдим этди. 

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташаббуси билан Порталнинг такомиллаштирилиши давлат хизматларидан фойдаланишнинг соддалаштирилган ва қулай кўринишини яратади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда “Ягона интегратор UZINFOCOM” фуқароларни Портални ривожлантириш бўйича фаолликка чорлайди ва ўз таклиф-мулоҳазаларини қуйидаги электрон манзилга юборишларини сўрайди: e-gov@napm.uzinfo@uzinfocom.uz